Оқолтин туманида паррандачилик билан шуғулланиб келаётган Дониёр Тошпўлатов бугунги ярмаркада аҳолини тадбиркорлик билан шуғулланишлари, паррандачилик ортидан яхшигина даромад топиш мумкинлиги ҳақида ўз тажрибалари билан ўртоқлашмоқда. У «Сирдарё Оқолтин Страус» фермер хўжалигини ташкил этиб, бир неча йиллардан бери паррандачилик, қуёнчилик билан шуғулланиб келади.

– Хўжалигимизда паррандани ҳар туридан бор, ҳатто туяқуш ҳам парваришлаймиз, – дейди Д.Тошпўлатов.

– Бугунги ярмаркада аҳолига мана шу паррандачиликдан яхшигина даромад топиш мумкинлигини айтяпман. Кўпчилигида қизиқиш уйғонди. Мана яқинда Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда «Зар Лочин Парранда» ишлаб чиқариш кооперативини ташкил этдик. Ҳозирча бу кооператив аъзолари сони 100 нафар. Хўжалик томонидан ушбу аъзоларга паррандалар етказиб берилмоқда.

Хабар берганимиздек, Сирдарёнинг Оқолтин туманида ўтказилаётган «Ишга жойлаштириш ва тадбиркорликка жалб этиш ярмаркаси»да мингдан ортиқ маҳаллий аҳоли, банд бўлмаган фуқаролар қатнашишди. Улар қизиқишларига қараб ўзларининг йўналишлари бўйича ишга рўйхатга олиндилар. Эътиборли томони, ишлаб чиқариш, тадбиркорликка қизиқувчи ёшлар кўп бўлди.

Навбатдаги «Бўш иш ўринлари ярмаркаси» эртага, Сардоба туманининг «Дўстлик» маҳалласида бўлиб ўтади.

Сирдарё вилояти Бандлик

бош бошқармаси матбуот хизмати

By admin

Fikr bildirish