Бугунги кунда юртимизда аёллар бандлигини таъминлаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу ишларнинг исботи сифатида «Фаровонлик сари лойиҳаси»ни мисол келтириш мумкин. «Тадбиркор аёл» Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси, Янгиер шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳамда АТ Халқ банки Янгиер шаҳар филиали ҳамкорлигида жорий йилнинг 24-29 март кунлари Янгиер шаҳрида аёллар дафтарига киритилган, ўзларининг тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган 20 нафар янгиерлик хотин-қизларга, ўз иқтидорларидан келиб чиқиб, 5 кун мобайнида тадбиркорлик кўникмалари бўйича ўқув машғулотлари ўтказилди.
Ўқув машғулотларида иштирок этаётган хотин-қизларга «Тадбиркор аёл» Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Сирдарё вилояти тренери Э.Мамажонова, ҳамда шаҳримизнинг илғор тадбиркори Б.Бўтаевалар тадбиркорлик сир-синоатларини пухта ўргатдилар. Жорий йил 3 апрел куни Янгиер шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида қисқа муддатли ўқув курсини тамомлаган аёлларга имтиёзли кредит олиш имкониятини берувчи сертификатлар топширилди.
Сертификат топшириш тадбирида Янгиер шаҳар ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Б.Бекназарова, АТ Халқ банки Янгиер шаҳар филиали бошкарувчисининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари И.Карабекова, тадбиркор М.Азимова, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази Янгиер шаҳар бўлими ходими А.Эргашевлар иштирок этдилар.
Тадбирда эндигина тадбиркорликни бошлаётган аёлларга иш бошлашларидан олдин кўтаринкилик бағишлаш мақсадида психологик тренинг ҳам ташкил этилди. Ўқув курси иштирокчилар ушбу лойиҳа ташкилотчиларига ўз миннатдорчилигини билдириб ўтдилар.
Бугунги тадбирдан жудаям мамнунман, чунки бугун яна 20 нафар аёллар дафтарига киритилган хотин-қизларимизни тадбиркорликка ўқитиб, кредит олиб, ўзларининг тадбиркорлик фаолиятларини бошлашларига имконият яратиишга кўмаклашиб, уларга туртки беряпмиз. Ҳозирги кунда бу каби фуқароларимизнинг 2 нафари кредит олиб ўзларининг тадбиркорлик фаолиятини бошлаб юборишган дейди суҳбат вақтида Янгиер шаҳар ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Б.Бекназарова.