Россия Ички ишлар вазирлигининг «Паспорт ва виза хизмати» федерал давлат унитар корхонаси раҳбари С.Машин бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга келди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида ўтказилган учрашувда Россияда ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари билан боғлиқ комплекс масалалар муҳокама қилинди. Унда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти бошлиғи М.Хайриддинов, Бандлик ва меҳнат муносабатлари ва Ички ишлар вазирликлари вакиллари ҳамда Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги “Паспорт-виза хизмати” раҳбари С.Машин, Россия халқлар дўстлиги университетининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари А.Колесников иштирок этди.
Россия ҳудудида ишлашда талаб этиладиган патентни расмийлаштириш учун ўртача 20 кундан 30 кунгача вақт талаб этилади. Бу вақт оралиғида фуқаронинг ишлаши мумкин эмас ва табиийки, бу жараён меҳнат мигрантлари учун ортиқча вақт ва харажат талаб этади. 

photo_2020-10-17_16-01-00.jpg

Эндиликда, Россия Ички ишлар вазирлигининг «Паспорт ва виза хизмати» ҳамда Россия халқлар дўстлиги университетининг мамлакатимизда ваколатхоналарини очиш орқали патент учун талаб этиладиган ҳужжатларнинг аксарият қисми, рус тили, Россия қонунчилиги ва тарихини ўргатиш ва тегишли сертификат бериш ишлари Ўзбекистонда амалга оширилади. 
Учрашувда кетишдан аввал тиббий кўрикдан ўтиш ва Россия ҳудудига кириш учун тақиқ бор-йўқлигини текшириш имкониятини яқин вақтда яратиш ҳам муҳокама қилинди. 
Қайд этиш жоизки, Россия ва Ўзбекистон ўртасида меҳнат миграцияси соҳасида бир қатор масалалар юзасидан музокаралар ўтказиш ва аниқ келишувларга эришиш мақсадида жорий йилнинг 16-29 сентябрь кунлари Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакилларидан иборат делегация Россияда бўлиб, ваколатли ташкилот ҳамда қатор иш берувчи корхоналар билан келишувларга эришилган эди.

photo_2020-10-17_16-00-56.jpg

Бунда эса жорий йилнинг 17 августида хорижда меҳнат қилаётган фуқароларимизга муносиб шароитлар яратиш ва улар билан тизимли ишлаш юзасидан ўтказилган видеоселекторда, 11 сентябрда қабул қилинган “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори муҳим аҳамият касб этмоқда.
Унга кўра, Россиядаги ўзбекистонликларга муносиб шароитлар яратиш, салоҳиятли корхоналарга ташкиллаштирилган ҳолда ишга жалб қилиш, касб-ҳунар ва рус тилига ўқитишни ташкил этиш, Екатеринбург, Новосибирск, Самара, Уфа шаҳарларида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхоналарини очиш шулар сирасидан. 
Шунингдек, Россия Ички ишлар вазирлигининг “Паспорт-виза хизмати” ваколатхонасини Ўзбекистонда очиш, патент тайёрлаш, расмийлаштириш ва бериш хизматларини кўрсатиш, Россиядаги ватандошлар ташкилотлари билан алоқаларни ривожлантириш ҳам эътиборда.

Сирдарё вилояти Бандлик

бош бошқармаси матбуот хизмати

By admin

Fikr bildirish