Жорий йилнинг 13 февраль куни Гулистон шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази мажлислар залида вилоят Бандлик бош бошқармаси ва вилоят Ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда хорижга кетган фуқароларнинг оила аъзолари холидан хабар олиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хориждаги фуқароларнинг муаммоларини аниқлаш ва уларга давлат томонидан манзилли ёрдам кўрсатиш юзасидан мониторинг олиб бориш бўйича ўқув-семинари ўтказилди.

Семинарда Ҳукумат топшириғи билан узоқ муддатга хорижга чиқиб кетган фуқароларнинг оила аъзолари ўртасида уйма-уй юриш орқали сўровлар ўтказишга розилик берилганлиги қайд этиб ўтилди.

Шунингдек, уйма-уй юриш орқали ўтказиладиган сўровлар самарали амалга оширилишини таъминлаш мақсадида хорижга кетган фуқароларнинг оила аъзоларидан хабар олиш ва муаммоларини аниқлаш тартиби ва схемаси, анкета-сўровномалари ва намунавий жадваллар, амалга оширилган ишлар бўйича намунавий маълумотнома шакли ҳамда вилоят, туман (шаҳар) ва секторлар Ишчи гуруҳлари таркиби тушунтириб ўтилди.

Анкета-сўровномаларини ўтказишда хорижга кетган фуқароларнинг оилаларида аниқланган муаммолар билан манзилли ишлаш ва уларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилиши белгилаб олинди.

Ҳудудий Ишчи гуруҳлари томонидан ҳар беш кунда тақдим этиладиган маълумотлар асосида аниқланган хориждаги фуқароларнинг муаммоларини уларга Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхоналари орқали манзилли ёрдам кўрсатиш учун Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига юборилиши келишиб олинди.

Вилоят Бандлик бош

бошқармаси матбуот хизмати

By admin

Fikr bildirish