Барчамизга маълумки бугунги кунда юртимизда ишсизликни олдини олишга жуда катта эътибор берилмоқда.
Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ишсизликдан ҳимоя қилиниши, эркин касб танлаши ва хавфсиз соғлом меҳнат шароитларида ишлаш ҳуқуқи Конституциямизда билан аниқ белгилаб қўйилган.
Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонуни ва тегишли низом талабига асосан кичик бизнес корхоналаридан ташқари барча ташкилот ва муассасалар ўзларидаги бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни ҳар ойнинг 5 санасидан кечиктирмай маҳаллий меҳнат органларига ҳисобот ойининг якунига кўра электрон кўринишда тақдим этишлари шарт.
Бугунги кунда вилоятимиздаги 998 та корхона ташкилот ва муассасалар худди шу кўринишдаги ҳисоботларини ҳар ой якуни бўйича ҳудудий меҳнат органларига электрон юборишлари белгиланган бўлиб, 2020 йил декабр ойи учун 2021 йил
5 январигача 20 га яқин корхона ташкилотлар мазкур ҳисоботларни ўз вақтида топшириш чораларини кўрмаган.
Натижада Давлат меҳнат инспекторлари томонидан МЖтКнинг 229-моддаси биринчи қисмига асосан ҳисобот топширмаган ташкилотларнинг мансабдор шахслари 60 млн сўмга яқин маъмурий жаримага тортилдилар.
Қўшимча қилиб шуни айтиш лозимки, ўз вақтида ҳисоботларни топшириб шубҳа уйғотган айрим ташкилотларда ўрганишлар ўтказилганда ҳақиқатдан мавжуд бўш иш ўринлари ҳисоботларда кўрсатилмай яширилганлиги ҳолатлари ҳам аниқланди.
Хусусан, Соғлиқни сақлаш бошқармасига қарашли автохўжаликда ўрганиш ўтказилганда 0,5 штат бирликда хомашё ҳисобчиси, 0,5 штат бирликда юрист, 0,5 штат бирликда электромонтёр, 1,0 штат бирликда 3-тоифа хайдовчи, 1,0 штат бирликда механик Оқолтин туманига, 0,5 штат бирликда моторист Боёвут туманига, жами 4,0 штат бирликдаги иш ўринлари вакант эканлиги ва ҳисоботда кўрсатилмай яширилганлиги аниқланди.
Худди шундай ҳолатларга Сирдарё вилоят Маданият бошқармаси, Мусиқали Драма театри ва Ўзбекистон давлат филармонияси Сирдарё вилоят филиали ҳисоботларида ҳам йўл қўйилганлиги аниқланиб, мансабдор шахсларга белгиланган тартибда маъмурий жазо чоралари қўлланилиши бўйича хулоса қилинди. Давлат меҳнат инспекцияси барча иш берувчиларга вакант ҳисоботларни ўз вақтида топширмаслик ва ҳисоботларда мавжуд бўш ўринларни беркитиш ҳолатларига йўл қўйилса жазо муқаррарлигини яна бир бор эслатиб ўтади!
Сирдарё вилояти Бандлик
бош бошқармаси матбуот хизмати