Бугун вилоят ҳокимлигида Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева раҳбарлигида йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда вилоят, туман (шаҳар) сектор раҳбарлари, сенаторлар, вилоят Кенгаши депутатлари, хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши аъзолари ҳамда ҳудудий Кенгаш котибият мудирлари иштирок этишди.

Жорий йилда вилоятда аёллар билан тизимли ишлашни йўлга қўйиш мақсадида бир қатор муҳим вазифалар белгилаб олинган бўлиб, хусусан, вилоят бўйича Ховос ва Янгиер шаҳар тажрибаси асосида ижтимоий, психологик, ҳуқуқий ва тиббий ёрдамга муҳтож бўлган аёлларни қамраб олган «Аёлллар дафтари» шакллантирилди.

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги

Мавжуд 157 274 та хонадон тўлиқ хатловдан ўтказилиб, 30 ёшдан юқори бўлган 149 796 нафар хотин-қизлардан 15 814 нафари ишсиз эканлиги, шундан, 20 051 нафари тадбиркорлик, 7070 нафари эса касб-ҳунар ўрганишга қизиқиш билдирган аёллардир.

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги

Бугунги кунгача «Аёллар дафтари» га киритилган хотин-қизларнинг хоҳиш-истаклари, ҳар бир ҳудуднинг ички хусусиятларидан келиб чиқиб, тадбиркорликка йўналтириш бўйича тушунтиришлар берилди. Вилоят ҳудудида ташкил этилган қисқа муддатли касбга ўқитиш марказларига 2 200 дан зиёд аёллар жалб қилинди.

Аёлларнинг муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш мақсадида ҳар бир маҳаллада 10-15 нафар аъзодан иборат таркибда «Аёллар маслаҳат кенгашлари» ташкил этилди. Шунингдек, оғир ижтимоий вазиятда яшовчи 22 230 нафар аёллар 9 тоифа бўйича «Аёллар дафтари» га киритилди.

Вилоят Халқ банки томонидан 371 нафар аёлларга 5 млрд. 751 млн. сўм кредит маблағи ажратилиб, дастур асосида 371 нафар ишсиз аёлларнинг бандлиги таъминланди.

Ҳар бир ҳудуд бўйича алоҳида амалий «Йўл хариталари» ишлаб чиқилган бўлиб, аёлларни ҳаётдан рози бўлиб яшаши, уларнинг жамиятдаги ролини кучайтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги

Йиғилиш давомида аёллар масаласи, вилоят, туман ва шаҳар маҳаллий Кенгаш депутатлари ва Кенгаш котибиятларининг иш самарадорлиги танқидий руҳда муҳокама этилди.

Танзила Нарбаева дастлаб вилоятда амалга оширилган ижобий ўзгаришлар хусусида алоҳида тўхталиб ўтди.

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги

-Бугунги Сирдарё кечаги Сирдарё эмас. Ўзгаришларни ҳар бир жабҳада кўриш мумкин. Бугунги кунда Сирдарё ҳам ижтимоий-иқтисодий, ҳам маънавий-сиёсий соҳаларда илдамлаб бормоқда, – деди Сенат раиси ўз сўзида.

Юқорида қайд этилганидек, вилоятда кейинги пайтларда хотин-қизлар масаласида олиб борилган ишлар ўз самарасини бераётган бўлса-да, бу борада ечимини кутаётган муаммолар мавжуд.

Сенат раиси томонидан 3 кун давомида туман, шаҳарларда олиб борилган ўрганишлар натижасида аниқланган камчиликлар танқид қилинди.

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги

Қайд этилишича, жамоатчилик кенгашлари фаолияти «қониқарли» эмас, унинг таркибини қайта кўриб чиқиш, адлия ва прокуратура органлари (туман, шаҳар) вакилларини ҳам таркибга қўшиш зарур.

Шунингдек, Мирзаобод ва Оқолтин туманларида «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларга имтиёзли кредитлар талаб даражасида ажратиш чоралари кўрилмаган.

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги

Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш бўйича марказлар фаолиятини қониқарли деб бўлмайди.

Бугунги кунда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида Реабилитация маркази ташкил этилган бўлиб, ушбу марказларга 2020 йил давомида 220 нафар фуқаролар мурожаат қилган бўлса, уларнинг 18 нафарига ҳимоя ордерлари берилишига кўмаклашилган, холос. Холбуки ушбу давр давомида Ички ишлар органлари томонидан Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган 683 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордери берилган. Марказ ходимлари томонидан хатто ҳимоя ордери берилган хотин-қизлар билан ҳам иш олиб борилмаган.

«Аёллар дафтари» га киритилган ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида томорқадан фойдаланишга кўмаклашишда вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши томонидан 900 нафар аёлга кўмаклашиш белгиланган ҳолда бугунги кун ҳолатига бор-йўғи 3 нафар аёлга кўмак ёрдами берилган.

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги

Танзила Нарбаева белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида амалга оширилишида сусткашликка йўл қўйган, эътиборсизлик қилиб, ўз ҳолига ташлаб қўйган масъулларни қаттиқ танқид қилди.

Йиғилиш сўнгида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тизимли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.

Бандлик бош бошқармаси

матбуот хизмати

By admin

Fikr bildirish