❗️МК 147-моддасига кўра, таътилдан чақириб олишга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади. Шу муносабат билан таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми ходимга мазкур иш йили давомида бошқа вақтда берилиши ёки ушбу Кодекснинг 143-моддаси бешинчи, олтинчи ва еттинчи қисмларида назарда тутилган талабларга риоя қилган ҳолда кейинги иш йилининг таътилига қўшиб қўйилиши керак.

⚠️ Эътибор беринг, биринчи муҳим талаб ходим рози бўлсагина таътилдан чақириб олиш мумкин. Ходим иш берувчининг таътил тугамасидан ишга чиқиш ҳақидаги кўрсатмаларини бажаришдан бош тортса, буни меҳнат интизомини бузиш деб баҳолаб бўлмайди.

❗️ Таътилдан чақириб олишнинг кейинги талаблари МК 143-моддаси 5, 6, 7- қисмларида назарда тутилган. Унга кўра таътил ҳар йили, шу таътил берилаётган иш йили тугагунга қадар берилиши лозим.

❗️Ишлаб чиқариш тусидаги сабабларга кўра жорий йилда таътилни тўлиқ бериш имкони бўлмаган алоҳида ҳолларда, ходимнинг розилиги билан таътилнинг 12 иш кунидан ортиқ бўлган қисми кейинги иш йилига кўчирилиши мумкин, шу йили ундан албатта фойдаланилмоғи лозим.

❗️Ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимларга йиллик таътилни, шунингдек ушбу Кодекснинг 137-моддасида кўрсатилган йиллик қўшимча таътилларни бермаслик тақиқланади.

👉 Бу қоидалар янада тушунарли бўлиши учун қуйидаги мисоллар билан таҳлил қиламиз.

1 – вазият. Ходимнинг меҳнат таътили давомийлиги 18 иш кунидан иборат. Таътил берилганидан кейин 3 кун ўтиб иш берувчи ходимни унинг розилиги билан меҳнат таътилидан чакириб олди, таътилнинг қолган 15 куни унга жорий иш йилида берилди. Бу ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган барча талабларга риоя этилган, чунки таътилнинг бир қисми (келтирилган мисолда – иккинчи қисми) 12 иш кунидан ошади.

2 – вазият. Ходимнинг меҳнат таътили давомийлиги -18 иш куни. Уч иш кунидан кейин иш берувчи ходимни унинг розилиги билан меҳнат таътилидан чакириб олди, таътилнинг қолган 15 куни эса кейинги иш йилига кўчирилди. Бу ерда меҳнат қонунчилигининг яққол бузилгани кўриниб турибди, чунки меҳнат таътилининг 12 иш кунига тенг қисмидан албатта жорий йилда фойдаланилиши шарт. Бундай вазиятда ходимнинг розилиги билан, ишлаб чиқаришга боғлиқ сабабларга кўра, таътилнинг фақат 12 иш кунидан ошадиган қисми, яъни бизнинг мисолда 3 иш куни кейинги иш йилига кўчирилиши мумкин.

3 – вазият. Ходимнинг меҳнат таътили давомийлиги -18 иш куни.10 иш кунидан кейин иш берувчи ходимни унинг розилиги билан меҳнат таътилидан чақириб олди, қолган 8 иш кунини жорий йил давомида бошқа вақтда берди. Бу ҳолда меҳнат қонунчилиги талаби бузилган, унга кўра таътил қисмларга бўлинганда таътилнинг бир қисми 12 иш кунидан кам бўлмаслиги лозимлигини эътиборга олиш керак.

4 – вазият. Ходимнинг меҳнат таътили давомийлиги -18 иш куни.13 иш кунидан кейин иш берувчи ходимни унинг розилиги билан меҳнат таътилидан чақириб олди, қолган 5 иш кунини жорий йил давомида бошқа вақтда берди. Бу ҳолда меҳнат қонунчилиги талаби бузилмаган. Чунки бу ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган барча талабларга риоя этилган, чунки таътилнинг бир қисми 12 иш кунидан ошади.

By admin

Fikr bildirish