Аввал хабар берганимиздек, “Ахборотдан фойдаланиш эркинлиги ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг очиқлиги тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳаси эълон қилинди.
Мазкур қонун лойиҳасининг 3-бобида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўровни кўриб чиқиш тартиби белгилаб берилган
Давлат органлари ва бошқа ташкилотларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўров
Давлат органлари ва бошқа ташкилотларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўров (бундан буён матнда сўров деб юритилади) ахборотдан фойдаланувчининг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолияти тўғрисида ахборот тақдим этиш ҳақида ушбу органларга ва (ёки) уларнинг мансабдор шахсларига йўлланадиган оғзаки ёки ёзма шаклдаги, шу жумладан, электрон шаклидаги талабидир.
Ёзма шаклда тузилган сўров давлат органига ва бошқа ташкилотга келиб тушган куни рўйхатга олинади. Оғзаки ва электрон шаклда тузилган сўров келиб тушган куни келиб тушган сана ва вақт кўрсатилган ҳолда рўйхатга олиниши керак.
Сўровни кўриб чиқиш муддатлари ва тартиби
Ахборотдан фойдаланувчининг сўрови рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан кўпи билан етти иш кун муддатда кўриб чиқилиши керак, архив сўровлари бундан мустасно.
Оммавий ахборот воситасининг давлат органлари ва бошқа ташкилотларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир, шунингдек мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўрови кўпи билан уч иш куни ичида кўриб чиқилади.
Ахборотдан фойдаланувчининг оғзаки сўровига жавоб бир соат ичида берилиши керак.
Талаб қилинадиган ахборотни тақдим этиш имкони бўлмаган тақдирда, ушбу модданинг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган муддатда уни олиш учун мурожаат қилган шахсга кечиктириш тўғрисида хабарнома юборилади.
Сўралган маълумотни тақдим этишни кечиктириш сўров юборилган санадан бошлаб икки ҳафтадан ошмаслиги керак. Кечикиш ҳақида хабарнома сўров рўйхатдан ўтган кундан бошлаб икки иш куни мобайнида маълумот олиш учун мурожаат қилган шахсга юборилади.
Кечикиш хабарномасида кўрсатилиши керак бўлган маълумотлар:
сўралган маълумотларнинг ўз вақтида берилмаслиги сабаблари;
сўралган маълумот тақдим этиладиган сана.
Агар ахборотдан фойдаланувчининг сўровини кўриб чиқиш давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ваколатларига кирмаса, сўров сўралаётган ахборотни тақдим этиш ваколатига кирадиган органга рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан икки иш куни ичида юборилади, ахборотдан фойдаланувчи эса бу ҳақда хабардор қилинади.
Расмий нашрларда, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган (чоп этилган) ёхуд расмий веб-сайтларда жойлаштирилган ахборот сўралганда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар сўровга бериладиган жавобда сўралаётган ахборот эълон қилинган (чоп этилган) расмий нашрнинг, оммавий ахборот воситасининг номи, чиқарилиш санаси ҳамда рақамини ва (ёки) сўралаётган ахборот жойлаштирилган расмий веб-сайтнинг электрон манзилини кўрсатган ҳолда ҳавола бериши мумкин.
Агар давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан олинган сўров бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ваколатлари тўғрисидаги маълумотларга эга бўлмаса, ахборотдан фойдаланувчига сўров рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан икки иш куни ичида тегишли жавоб юборилади.
Сўровга жавоб давлат органи ва бошқа ташкилот томонидан мажбурий рўйхатга олиниши шарт.
Мурожаат этувчининг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига, шунингдек уларни амалга ошириш тартибига тааллуқли сўров бўйича маълумот бепул тақдим этилади. Бошқа турдаги ахборотни тақдим этиш учун белгиланган тартибда ҳақ олиниши мумкин.
Сўров рўйхатга олингандан кейин икки иш кунида рад этилган тақдирда ахборотдан фойдаланувчига асослантирилган жавоб юборилади.
Сўровга ноқонуний равишда маълумот бериш рад этилганлар, шунингдек ўз сўровига нотўғри маълумот олган шахслар ўзларига етказилган моддий зарарни қоплаш ёки қонунда белгиланган тартибда маънавий зарарни қоплаш ҳуқуқига эга.
Сўровга қўйиладиган талаблар
Жисмоний шахснинг сўровида унинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ва сўровнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак. Юридик шахснинг сўровида юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган жойи (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган, сўровнинг моҳияти баён этилган бўлиши шарт.
Ёзма сўровда мурожаат этувчининг электрон манзили кўрсатилиши мумкин. Электрон манзилнинг ёзма сўровида кўрсатилиши, мурожаат этувчининг ахборот тизими орқали электрон шаклда сўровга жавоб олиш учун розилиги ҳисобланади.
Ёзма сўровлар ахборотдан фойдаланувчининг шахсий имзоси билан тасдиқланган бўлиши керак. Сўровни шахсий имзо билан тасдиқлаш имконияти бўлмаган тақдирда, у қўшимча равишда тузувчининг ҳам фамилияси, исми, отасининг исми қўйилган ҳолда унинг имзоси билан тасдиқланган бўлиши керак.
Ахборотдан фойдаланувчини идентификациялаш имкониятини берадиган маълумотлар кўрсатилмаган сўров аноним ҳисобланади ва кўриб чиқилмайди.
Сўров унда қўйилган масалалар юзасидан ахборот тақдим этиш ваколатига кирадиган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек бошқа юридик шахсларга ёки мансабдор шахсга юборилади.
Белгиланган тартибда юборилган сўров кўриб чиқилиши шарт.
Қонун лойиҳаси 32 та моддадан иборат.