Жаҳон ҳамжамиятига жадал уйғунлашув жараёнлари мамлакатимиз меҳнат бозорида ва меҳнат муносабатларида янгича ёндашув, янги талаб ва шаклларни юзага келтириб, амалдаги Қонуннинг тубдан қайта кўриб чиқилишини талаб этмоқда.

svbandlik.uz

Қонуннинг тўғридан-тўғри амал қилиш талаби ва меҳнат органлари хизматлари сифатининг пастлиги, иш берувчини рағбатлантириш, ўзини-ўзи банд қилиш ва ахборот технологияларини қўллаш даражасининг сустлиги, меҳнат миграциясининг ҳаётимиздаги ўрни чуқур таҳлил қилинмасдан унга бир томонлама ёндашувнинг сақланиб қолаётганлиги каби долзарб муаммолар ҳал этишни талаб этмоқда.

Натижада бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш, меҳнат бозорини тартибга солиш соҳалари иқтисодий самарадорлиги пастлигича қолмоқда.

Олий Мажлис Сенатининг олтинчи ялпи мажлисида янги таҳрирдаги “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилиниб, маъқулланган эди.

Муносиб иш қидириш ва самарали бандликни таъминлаш талаблари асосида аҳоли бандлигини таъминлаш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналиши эканлиги Қонун билан яна бир бор мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Жумладан, давлатнинг ишсизларга мақбул келадиган ишни танлаш ва ишга жойлашишига бепул кўмаклашиш, ишсизларни янги касбга бепул ўқитишни, бошқа ўқув юртларида стипендия тўлаб қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш кафолатланмоқда.

Қолаверса, бандлик соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишда замонавий талаблардан келиб чиққан ҳолда аутстаффинг агентликлари иштироки тўғрисидаги нормалар ҳам қайд этилган.

Яна бир жиҳат. Қонун билан Вазирлар Маҳкамасининг аҳолини иш билан таъминлашдаги ваколатлари белгиланиб, давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг амалдаги ваколатлари кучайтирилмоқда.

        Бундан буён ишсизлар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларини иш билан таъминловчи иш берувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан субсидия ва грантлар ҳам ажратилади.

Шунингдек, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнатни муҳофаза қилиш тизими кучайтирилиб, ишсизларни рўйхатга олиш ва ҳисобини юритишдаги бюрократик тўсиқларга барҳам бериш мақсададида амалда бўлган ҳаволаки нормалар бекор қилинмоқда. Шу мақсадда иш қидираётган шахсларни меҳнат органларида ҳисобдан чиқариш талаблари ҳам қатъий белгилаб қўйилмоқда.

Бундан ташқари, ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларнинг бандлигини таъминлашга бўлган талаблар ҳам назарда тутилмоқда.

Қонун билан бугунги кундаги долзарб муаммолардан бири, яъни фуқароларни ишсиз деб эътироф этиш шартлари ва ишсиз деб эътироф этишни рад этиш асослари ҳам такомиллаштирилаётганини ҳам қайд этиш жоиз.

Шу билан бирга, қонунчиликка мувофиқ, ягона таъриф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг биринчи разряди ошганда, ишсизлик нафақаси миқдорининг ҳам ошиши белгиланган.

Бунинг баробарида, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган малакали кадрларни касбга тайёрлаш, қайта таёрлаш тизимига давлат буюртмаси талаблари ҳам назарда тутилган. Шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида мавжуд жамғармалар маблағларидан фойдаланиш ҳамда Жамоат ишларини ташкил этиш йўналишлари тартиблари ҳам белгиланган.

Умуман олганда, Қонун билан ишга йўлланаётган шахс ва иш берувчининг иқтисодий мустақиллигини кучайтирувчи, ўзини ўзи банд қилишнинг илғор шакллари, масофавий меҳнат турлари, меҳнат миграциясини самарали ташкил этиш каби меҳнат бозорининг замонавий талабларини назарда тутувчи қоидалар жорий этилмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши бугун долзарб бўлиб турган қатор муаммолар ечими, шу жумладан, меҳнат бозорини ривожлантириш, бандлик даражасини ошириш, ишсизларни моддий қўллаб-қуватлаш ва ижтимоий фаоллигини рағбатлантиришга хизмат қилади.

Малика КАДИРХАНОВА, Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Сирдарё вилояти Бандлик

бош бошқармаси матбуот хизмати 

By admin

Fikr bildirish